У́КФ

Янгиликлар

Термиз шаҳридаги “Алпомиш” стадионида кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган ХV халқаро турнирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Сурхон воҳасига хос миллий услуб билан байрамона руҳда безатилган стадион кўп минг сонли кураш муҳлислари, хорижлик меҳмонлар билан тўла. Чорлов мусиқаси янгради. Сўз Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимовга берилди.

Дунё аҳлида ўзгача интилиш ва катта қизиқиш ўйғотаётган миллий курашимиз уч минг 500 йиллик тарихга эга. Халқимизнинг энг қизиқарли, энг жозибадор спорт ўйини бўлган кураш ўз даврининг турли синовларига дуч келган. Ҳалоллик, мардлик, бирдамлик ва меҳр-оқибат каби юксак фазилатларни ўзида мужассамлаштирган бу спорт ўйини тўю-томошаларга, миллий шодиёналаримизга файз улашган. Руҳан куч бағишлаган. Бироқ, ҳозиргидек, дунё аҳлини ўзига мафтун этмаган.

Мамлакатимизда спортни, шу жумладан миллий курашни қўллаб-қувватлаб, ривожлантиришга қаратилаётган эътибор уни жаҳон аҳлининг ажойиб спорт ўйинига айлантирди. Бу жараёнда юртимизда яшаб ўтган улуғ аждодларимиз хотирасига бағишланган кураш мусобақаларини ўтказиш ажойиб анъанага айланди. Жумладан, Бухоро, Хива, Шахрисабз, Термиз каби шаҳарларда ташкил этилган шу каби беллашувлар нафақат маҳаллий балки, хорижлик кураш шинавандаларининг ҳам қизиқишини оширди. Бунда Термиз шаҳрида 28 йилдан буён икки йилда бир марта ўтказилаётган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган халқаро беллашувнинг алоҳида ўрни бор.

Пандемия шароитида ўтказилаётган ХV халқаро турнирда жаҳоннинг 27 давлатидан энг моҳир спортчилар иштирок этаётгани, айни пайтда сайёрамиздаги 129 давлатда кураш федерацияси фаолият юритиб, ёшлар ўртасида спортнинг бу турини кенг тарғиб қилаётгани, хорижда ҳам кураш билан яқин дўст бўлаётган йигит-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бораётгани бунга яққол далилдир.

Президентимизнинг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим омил бўлмоқда.

Мамлакатимизда кураш спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси ишлаб чиқилган. Шунга асосан уни Европа, Африка ва Панамерика қитъавий ўйинлари қаторига расман киритиш, Халқаро спорт федерациялари ассоциацияси эътирофига сазовор бўлиш, шунингдек, Халқаро олимпия ўйинлари дастурига кириши учун зарур шарт-шароитларни яратиш кўзда тутилган. Бундай улуғвор истак ўзбек ва жаҳон спортчиларини ягона мақсад – дунёнинг инсонпарвар спорт турларидан бири бўлган курашни ривожлантириш йўлида бирлаштиришга қаратилган.

Тантанали маросимда Бош вазир ўринбосари, Жисмоний тарбия ва спорт вазири А. Абдуҳакимов ўзбек курашини дунёга танитишга муносиб ҳисса қўшаётган Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон ва бошқа хорижлик ҳамкорларга чуқур миннатдорлик билдирди. Дунё полвонларини ҳалол курашишга чорлаб, Халқаро турнирни очиқ, деб эълон қилди.

Тадбирда Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон ва Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов сўзга чиқди. Эл суйган санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури намойиш этилди.

Айни пайтда эркаклар ва аёллар ўртасидаги ярим финал ва финал баҳслари қизғин давом этмоқда.