ўкф

янгиликлар

ўкф

ЎКФ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИНГ АФҒОНИСТОН ИСЛОМ РЕСПУБЛИКАСИГА РАСМИЙ ТАШРИФИ

Аввал хабар берганимиздек 2020 йил 29 октябрь Ўзбекистон Кураш Федерацияси раҳбарияти, хусусан, Федерация Раисининг биринчи ўринбосари, замонавий кураш спорт тури асосчиси Комилжон Юсупов бошчилигидаги, федерациянинг спорт ишлари бўйича Раис ўринбосари, уч карра олимпиада совриндори, икки карра Жаҳон чемпиони Ришод Собиров, ЎКФ ташкилий-назорат ишлари бўйича Раис ўринбосари Камол Усмонов ва ЎКФ ҳакамлар ҳайъати раиси, халқаро тоифадаги спорт устаси Олимжон Ҳайитовдан иборат делегация аъзолари шу йил 1-3 ноябрь кунлари Афғонистон Ислом Республикаси пойтахти Қобул шаҳрида илк бор Кураш бўйича ўтказилаётган Республика чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар. 31 октябрь куни вакилларимиз афғонистонлик ҳамкасбларимиз томонидан юқори даражадаги тайёргарлик ва катта илтифот ила кутиб олинди. 01 ноябрь Афғонистон Миллий Олимпия Қўмитасида семинар ташкил этилди. Унда Комилжон Юсупов сўзга чиқиб, афғон халқига меҳмондўстлиги ва Кураш спортига бўлган катта қизиқиши учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, курашни ривожлантиришда ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, халқаро мусобақаларни доимий ташкил этиш, айниқса ёшлар орасида курашни оммалаштириш, спорт залларини зарур кураш инвентарлари билан таъминлаш, мураббий ва ҳакамлар малакасини ошириш бўйича семинарлар ташкил этиш каби муҳим масалаларга тўхталди. Ташриф доирасида Афғонистон МОҚ Бош котиби Доктор Муҳаммад Юнус Попалзи билан учрашув бўлиб ўтди. Ушбу учрашувда қатор муҳим масалалар муҳокама этилди. 02 ноябрь куни Кураш бўйича мамлакат чемпионатининг тантанали очилиш маросимида Афғонистон Миллий Олимпия Қўмитаси Раиси Доктор Раим Ҳафизулло энг аввало, Ўзбекистон Президентига икки мамлакатнинг ўзаро дўстона алоқаларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш борасида олиб бораётган одилона сиёсати, шунингдек ЎКФ делегациясининг ташрифи, Афғонистонда курашни ривожлантириш ҳамда минглаб кураш мухлисларига берилаётган ғамхўрлик ва эътиборлари, шунингдек мусобақа учун махсус келтирилган кураш гиламлари ва яктаклар учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Доктор Раим Ҳафизулло афғон халқи ўзбек қардошларининг миллий удум ва қадриятларига катта ҳурмат-эҳтиром билан қараши, курашнинг ислохмандлари бу ўлкада тобора ортиб бораётганлигини мамнуният билан таъкидлаб ўтди. 03 ноябрь Афғонистон Президенти Администрацияси бошлиғи М.Шакир Каргар ва Комил Юсупов ўртасида учрашув ташкил этилди. Самимий руҳда кечган учрашув давомида Каргар жаноблари, кураш барча спортнинг отаси эканлиги, ҳамма спорт турлари курашдан келиб чиққани, кураш ўзининг ҳалоллиги ва инсон учун жуда катта тарбиявий аҳамиятга эга экани билан қимматли, қолаверса афғон ва ўзбек миллатининг тарихи, урф-одатлари, руҳи яқин, бу йўлда кураш инсонларни, давлатларни бирлаштириш ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим манба эканини қайд этиб ўтди. Бундай юқори эътибор учун ўзбек халқига ва шахсан Комил Юсуповга раҳмат айтди. Кураш мусобақаларини мунтазам ўтказиб бориш афғон халқининг кайфиятини кўтаришга асос бўлишини таъкидлади. Шу куннинг ўзида мусобақанинг финал учрашувлари ҳамда ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, мазкур чемпионатда биринчи марта қизлар беллашувлари ўтказилиб, унда Бомиян Нафиса ва Самангон Рамзия илк бор яктак кийиб, ўзбек кураши бўйича баҳсларга киришди.  Айтиш керакки, мазкур тадбирда маҳаллий ОАВ, МОҚ, Афғонистон спорт ишлари Вазирлиги ва бошқа нуфузли ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар. Мусобақага йиғилган катта-ю кичик кураш ихлосмандлари гиламдаги баҳсларни катта қизиқиш билан кузатар экан, тадбир сўнггида кураш бўйича беллашувларни кўпроқ ташкил этиш кераклиги ҳақида фикр-мулоҳалар билдиришди.



ЎКФ

Афғонистонда Ўзбек Кураши бўйича илк бор республика чемпионати бўлиб ўтади

Сир эмас, Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари ўртасидаги ўзаро дўстлик ва ҳамкорлик илдизлари узоқ асрларга бориб туташади. Афғонистон ҳудудида темурийлар ва бобурийлар давридан қолган тарихий обида ва ёдгорликлар бу азалий ришталарнинг инкор этиб бўлмайдиган далилидир. Ҳирот шаҳридаги буюк ўзбек шоири Мир Алишер Навоийнинг абадий оромгоҳи ва у қолдирган меъморий-маданий обидалар, Заҳириддин Муҳаммад Бобур яратган Қандаҳордаги “Қирқ зина” (“Чеҳел зина”), Қобулдаги “Бобуршоҳ боғи”, ундаги Бобур ва оила аъзоларининг мозорлари, Таҳор вилоятидаги ориф шоир Бобораҳим Машрабнинг мақбараси ва бу улуғ зотларнинг адабий асарлари олтин маънавий ҳалқалар каби халқларимизни бир-бирига боғлаб туради. “Бобурнома” асарида афғон қабилалари, уларнинг расм-русумлари, машҳур бошлиқлари ҳақида жуда кўп ноёб тарихий маълумотлар келтирилади. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг афғон муаммосини ҳал этишга доир ташаббуслари, умуман, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга кўтарди. Ўзбекистон Конституцияси асосида яратилган Ташқи сиёсат концепцияси минтақадаги давлатлар билан дўстона муносабатларни кучайтириш ва ривожлантиришга қаратилган бўлиб, унга мувофиқ Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги дўстона ҳамкорлик муносабатлари ривожланиб, турли соҳалардаги самарали алоқалар мустаҳкамланиб бормоқда. Шу маънода, икки давлат раҳбарларининг халқаро саммитлар доирасидаги учрашув ва мулоқотлари, мамлакатларимиз ўртасида имзоланган шартномалар бу дўс¬тона муносабатларни сиёсий, иқтисодий, маданий ва бошқа қатор соҳаларда кенгайтирди. Ушбу саъй-ҳаракатлар албатта, спорт соҳасида ҳам жадал амалга оширилмоқда, спорт орқали муносабатларимизни янада мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

ЎКФ

2020 йил 29 октябрь Ўзбекистон Кураш Федерацияси раҳбарияти, хусусан, Федерация Раисининг биринчи ўринбосари, замонавий кураш асосчиси Комилжон Юсупов бошчилигидаги, федерациянинг спорт ишлари бўйича Раис ўринбосари, уч карра олимпиада совриндори, икки карра Жаҳон чемпиони Ришод Собиров, ЎКФ ташкилий-назорат ишлари бўйича Раис ўринбосари Камол Усмонов ва ЎКФ ҳакамлар ҳайъати раиси, халқаро тоифадаги спорт устаси Олимжон Ҳайитовдан иборат делегация аъзолари шу йил 1-3 ноябрь кунлари Афғонистон Ислом Республикаси пойтахти Қобул шаҳрида Кураш спорт тури бўйича илк бор ўтказилаётган Республика чемпионатида иштирок этиш учун жўнаб кетдилар. Маълумки, тили, дини, урф-одатлари ўхшаш қўшни Афғонистонда мусобақалар, тўю-сайилларда беллашиб, кураги ерга тегмаган полвонлар, ҳалоллик, олийжаноблик, бағрикенглик каби асл инсоний фазилатларни ўзида мужассам этган ўзбек курашининг ашаддий мухлислари, минглаб ихлосмандлари бор. Мамлакатимиз спорт делегациясининг ташрифи орқали афғон ўлкасида миллий спортимизни яна ривожлантириш, ёшларни унга кенг жалб этиш, келгусида ўзаро мусобақаларни ташкиллаштириш кўзда тутилган. Қайд этиш жоизки, мазкур мусобақада замонавий кураш асосчиси К.Юсуповнинг иштироки ўзбек курашининг минглаб ихлосмандлари, кураш анъаналарига ҳурмат ва эҳтиром билан қарайдиган афғон халқи томонидан катта хурсандчилик билан, ўзига хос спорт байрамига айланиши кутилмоқда. Тўйга тўёна билан деганларидек, делегациямиз мусобақага икки юз дона яктак, иккита замонавий кураш гилами ва бошқа бир қатор совғалар билан йўл олдилар.

ўкф

kurash 24