ўкф

                                                                                                                                                                                                      кураш тарихи

Юнон ёзувчиси Клавдий Элиан (2-3-аср) ва бошқа тарихий шахсларнинг ёзишича, шу ҳудудда умр кечирган сак қабиласи қизлари ўзларига куёвни йигитлар билан курашиб танлаганлар. Кейинчалик қизлар куёвни шарт кўйиш йўли билан аниқлашган ва бу шартда Кураш мусобақаси бўлган. Бунга ўзбек халқ қаҳрамонлик достони - «Алпомиш»даги Барчин шартларини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида ёзган: « Курашнинг турлари ҳам бор Улардан бири икки курашувчининг бири ўз рақибининг белбоғидан ушлаб ўзига тортади, шу билан бирга ўз рақибидан қутулишнинг чорасини қилади...». Бу таъриф замонавий Кураш қоидаларига яқиндир. Шунингдек, Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк», Алишер Навоийнинг «Ҳамса», «Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад», Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъ ул-вақоеъ», Ҳусайн Воиз Кошифийнинг «Футувват-номаи султоний», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асарида Кураш ҳакида қимматли маълумотлар бор. 9-16-асрларда Кураш халқ ўртасида кенг оммалашган. Шу даврда Паҳлавон Маҳмуд, Содиқ полвон қабилар Кураш довруғини оширишган.

Замонавий спорт Курашининг асосий қоидалари 18-аср охири 19-аср бошларида Европанинг бир неча мамлакатларида ишлаб чиқилди. 1912 йил Халқаро ҳаваскорлар кураш федерацияси (FILA) тузилди (ҳозир унга 144 мамлакат, Ўзбекистон 1993 йилдан аъзо). Халқаро майдонда спорт Курашининг юнонрум кураши, эркин кураш, дзюдо, самбо ва бошқа турлари кенг тарқалган. Кейинги йилларда ўзбек Кураши ҳам алоҳида Кураш тури сифатида дунё миқёсида тан олина бошланди. Кураш инсонни кучли, эпчил, чидамли ва иродали қилиб тарбиялаш воситаларидан бири ҳисобланади. Шифокорлар назорати остида 12 ёшдан Кураш билан шуғулланишга рухсат этилади. Кураш азалдан ўзбек турмуш тарзининг узвий қисми бўлганлигини археологик топилмалар, тарихий қўлёзмалар тасдиқлайди. Қадимги Бақтрия (Ўзбекистон жанубий) ҳудудидан топилган жез даврига оид цилиндрсимон сопол идишда икки полвон ва улардан бири иккинчисини чалаётгани тасвирланган. Шу даврга мансуб бошқа археологик топилмада эса полвонларнинг Кураш усулларини намойиш қилаётгани акс эттирилган. Бу ноёб топилмалар милоддан 1,5 минг йил илгари ҳам Кураш аждодларимиз турмуш тарзининг бир қисми бўлганидан далолат беради.

қадимий топилмалар

Бугун жаҳон нигоҳига тушиб, довруғ ва шуҳрат қозонаётган, миллионларни ўзига маҳлиё этган Кураш ҳам жаҳоннинг юксак маънавий қадриятларидан бири сифатида ўзининг чуқур тарихий илдизларига эгадир. Тарихшунос олимларнинг олиб борган тадқиқотлари, археологик илмий қидирувлари натижасида топилган ашёвий далиллар Курашнинг ёши камида 2,5-3 минг йилдан зиёдлигини исботлади. Сурхон, Зарафшон воҳалари ҳамда Фарғона водийсининг бир қатор қадимги аҳоли манзилгоҳларида аниқланган ноёб топилмалар, асори-атиқалари, қояларга битилган тасвирий санъат намуналари ҳам бунга тўлиқ шохидлик беради. Курашимиз тарихини илмий исботлаб берадиган 6 та топилма-ашёвий далил мавжуд. Панжикентдан топилган курашаётган икки паҳлавоннинг деворий расми Сўғдиёна давлатчилигига, яъни ўрта асрлар даврига оид ноёб ёдгорлик саналади.                                   (1-расм) Сўғдиёнанинг илк ўрта асрларга оид икки паҳлавоннинг деворий суратлари (Милоднинг VII асри).

1-расм. Сўғдиёнанинг илк ўрта асрларга оид икки паҳлавоннинг деворий суратлари (Милоднинг VII асри).                                                                     

Шундай ашёлардан яна бири цилиндр шаклидаги сопол идиш бўлиб, у қадимги Бактрия (Жанубий Ўзбекистон ) ҳудудидан топилган. Унинг  бир парчасида икки курашчи ва улардан бирининг ўз рақибини оёғидан чалаётгани тасвирланган. Яна бири идиш гардишидаги ҳайкалчаларда ҳам паҳлавонларнинг қўлларини кўтариб курашга шайланаётган ҳолати ўз ифодасини топган. Бу идишлар бронза даврига оид бўлиб, у Курашнинг тарихи янаям кўпрок,  яъни 3,5 минг йил эканлигидан гувоҳлик беради. Навбатдаги топилма бронза даврига оид иккита от тўқасидир (2-расм). Кураш усуллари тасвирланган ҳар иккала тўқа, профессор М.П.Грязновнинг ёзишича, сак-скиф қабилаларининг маънавий қарашлари руҳида ишланган бўлиб, кўчманчилик даврининг дастлабки босқичларига оиддир.                                                                                   2-расм. Қадимги аждодларимиз Сак-скиф қабилаларининг маънавий ҳаётини, жумладан унинг севимли машғулоти миллий курашимизни акс эттирувчи бронзадан ишланган отнинг иккита тўқаси бўлиб, у бўртма усулда ишланган, бир хил композицион сюжетга асосланган (мил.ав.V аср).

Милодий биринчи минг йилликнинг ўрталарига оид кумуш чўмич гардиши ҳам икки паҳлавоннинг курашимизга  хос олишаётган холати тасвирланган (3-расм).                                          Ушбу кумуш чўмич гардишининг сиртига икки паҳлавоннинг миллий курашимизга хос олишаётган холати тасвирланган. Чўмич гардишининг айланаси бўйлаб ўйиб ишланган суратлар манзараси олтита композицион сюжетга эга (Милодий V аср).      

Самарканд яқинидаги Челак қишлоғидан топилган ашёлар ҳам ўтмишдан садо беради. Геометрик нақшлар солинган идишлар орасида кумуш дастали қадоқча дастаси сиртида икки полвон ҳудди Ўзбек Кураши услубида олишаётгани ифодаланган (4-расм). Мазкур топилма илк Ўрта асрлар даврига оид. Этнографларнинг тадқиқодларига кўра, энг қадимги достон, эртак ва ривоятларда ҳам кураш ҳақида лавҳалар учрайди. Уларнинг мазмунига диққат қилсангиз, матриархат даврига тегишли эканлигига амин бўласиз. Бундан келиб чиқадики, Ўзбек Курашининг тарихи 5 минг йил олдинги мозийга бориб тақалади.                                                                               4-расм. Дастали кумуш қадаҳча. Унга жимжимадор қилиб, чеканка услубида нақш берилган. Кумуш қадаҳ дастаси сиртида икки паҳлавоннинг миллий кураш бўйича беллашаётгани тасвирланган. Паҳлавонларнинг бирини бошини иккинчиси остига эгиб, ўнг қўли билан рақибини чап оёғи болдиридан, чап қўли билан эса унинг гарданидан тутган ҳолда олишмоқда (Милодий V аср). 

Этнографларнинг тадқиқодларига кўра, энг қадимги достон, эртак ва ривоятларда ҳам кураш ҳақида лавҳалар учрайди. Уларнинг мазмунига диққат қилсангиз, матриархат даврига тегишли эканлигига амин бўласиз. Бундан келиб чиқадики, Ўзбек Курашининг тарихи 5 минг йил олдинги мозийга бориб тақалади. Ўзбек халқи ҳаётида Кураш анъанасининг уч тури мавжуд бўлган. Унинг энг дастлабкиси жисмоний машқ сифатида - экзогам никоҳ маросими билан боғлик ҳолда юзага келган. Никоҳ маросимида бўлажак келин-куёвнинг кураш тушишини ўша даврадиги ҳукумрон аёллар уюштирган. Бу ҳодиса матриархат салтанатининг эрни синаш ва танлаш ҳуқуқи заминида келиб чиққан (5-6 расм). Олис ўтмишда аёллар эркакларга нисбатан анча бақувват бўлганлиги англашилади. Полвонзодалар аслида жисмонан бақувват аёллардан туғилиши ақидаси ҳам халқ тарихий ҳотирасида онабошлик (матриархат ) давридан сақланиб қолган бўлса, ажаб эмас. Жумладан, туркий халқлар тарихида аёл подшохлар ўтганлиги ҳақида маълумотлар сақланган.                                            5-расм. Тангри тоғнинг шимолида топилган қоятош сурати.  Бунда икки паҳлавоннинг кураши тасвирланган. Сурат аждодларимизнинг патриархат даври ҳаётига оид.

Эпик курашнинг учинчи хил намунасида қиз киёвликка даъвогар йигитларидан ғолибини танлаган. Маълум бўладики, энди қиз кураш тушмайди, бироқ шарт қўйиш ва танлаш ҳуқуқини сақлаб қолади. «Алпомиш», «Одиссея» ва «Рамаяна» сингари дунёвий эпосларда ана шундай лавҳалар кузатилади. «Этнографик тадқиқотларининг гувоҳлик беришича, Ўзбекистон ҳудудида кураш милодий IХ-Х асрларда кенг ривож топган бўлиб, халқ сайилларида мусобақа ўтказиш анъанавий тус олган. Маҳаллий аҳоли турли маросимларни нишонлашда, айниқса, Наврўз кунларида кураш мусобақаларини ўтказишга алоҳида аҳамият берган» деб ёзади С.П.Толстов. Бу байрамларнинг дастлабки уч кунида юрт кексалари, улуғлари раҳбарлигида кураш томошалари уюштирилган. Ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналари бўлмиш «Алпомиш», «Гўрўғли», «Авазхон», «Рустам», «Тўлғаной», «Кунтуғмиш» каби достонларида ҳам паҳлавонлар кураши мадҳ этилиб, эпчил ва чаққон, зукко ва донолари улуғланган. Яна бир қизиқарли маълумот: қадимги Хитой қўлёзмаси «Тан-шу»да Фарғона музофатида мунтазам кураш ўйинлари ўтказилгани асарларида ҳам Мовароуннаҳрнинг Марв, Самарқанд, Бухоро, Балх сингари йирик шаҳарларида тез-тез кураш олишувлари ўтказилгани таъкидланади. Беназир аллома Абу Али ибн Сино (980-1037) ҳам «Тиб қонунлари»  китобида кураш инсоннинг руҳий ва жисмоний холатида алоҳида аҳамият касб этишига урғу бергани бежиз эмас. Буюк табибнинг ёзишича, бадантарбия билан мунтазам шуғулланувчи киши касалликнинг давосига мухтож булмайди. Шарқ адабиёти дурдоналари ҳисобланмиш «Шохнома», «Қобуснома»,  «Зафарнома», «Бобурнома», «Абдулланома», сингари асарларда ҳам полвонлар сийрати-ю қиёфасига оид ёрқин чизгилар, уларнинг маънавий оламини безовчи сержило рангли тасвирлар, таърифу тавсифлар акс этган. Алишер Навоий ҳазратлари ҳам курашдан, унинг довруғини етти иқлимга таратган полвонлар баҳсидан ҳузурланган. Шу боис кўплаб асарларда паҳлавонлар ҳаёти ва фаолиятига оид ажойиб-ғаройиб воқеалар, лавҳаларни ёзиб қолдирганлар. Полвонзодаларга бағишланган махсус «Холоти Паҳлавон Муҳаммад» манокиби (таржимайи хол асари )да даҳо ижодкор, ўз даврининг тенгсиз полвонзодаси Алишер Навоий ҳазратлари ҳам курашдан, унинг довруғини етти иқлимга таратган полвонлар баҳсидан ҳузурланган. Шу боис кўплаб асарларда паҳлавонлар ҳаёти ва фаолиятига оид ажойиб-ғаройиб воқеалар, лавҳаларни ёзиб қолдирганлар.

 Полвонзодаларга бағишланган махсус «Холоти Паҳлавон Муҳаммад» манокиби (таржимайи хол асари )да даҳо ижодкор, ўз даврининг тенгсиз полвонзодаси Паҳлавон Муҳаммад кураш санъатидан ташқари диний ва дунёвий илмларни, жумладан, астрономия ва математика, кимё ва фалсафа, адабиётшунослик ва санъатшунослик, ҳуқуқшунослик ва бошқа билимларни мукаммал эгаллагани, «Чоргоҳ», «Сегоҳ», «Панжгоҳ» сингари машҳур куйлар шўъбаларини яратгани, хусусан, шеър санъати бобида  ҳам юксак таъб ва билимга эга эканлигини алоҳида таъкидлайди. Кураш тушишни канда қилмаган буюк полвон ва баҳодир Паҳлавон Муҳаммад шеърни нозик тушунганидан ўша давр шоирларини янги асарларини аввало ул зотга кўрсатиб, маслаҳат олишга ошиқар эканлар. Паҳлавон Муҳаммаднинг одоби ва тавозеси, саҳийлиги, одамоҳунлиги, беозорлиги, софдиллиги, меҳмоннавозлиги, мардлиги, ҳалоллигини полвонларга хос бўлган улуғ ҳислатлар эканлигини қайд этган. Ўз замонасида қудратли салтанат қурган Амир Темур буюк давлат арбоби, маърифатпарвар хукумдор, салоҳиятли саркарда бўлиб қолмасдан, айни вақтда кураш илми ҳадисини мукаммал эгаллаган кучли полвонсифат сиймо ҳам эди. Шунинг учун у мамлакатда ёшларни чиниқтириш, ватанни севувчи, юрт хизматига камарбаста, етук шахслар қилиб вояга етказишда курашнинг тутган ўрнига катта аҳамият берган. Шарофиддин Али Яздий  «Зафарнома»сида ва Алишер Навоийннинг «Насойим ул-муҳаббат» асарида эса Соҳибқирон Амир Темур давридаги паҳлавон Бобоҳоки (асли Афғонистон шимолидаги Шибирғон вилоятидан), Учкора баҳодир (асли Навоий вилоятининг Қоракўл туманидан) сингари юзлаб беназир ўзбек полвонлари ҳақида қизикарли маълумотлар келтирилган. Бу зотлар мисолида полвонлик ва сиҳат-саломат узоқ умр кўриш бир-бирига узвий боғлиқ эканлигини кўрамиз. Тарих саҳифаларида шундай маълумотлар ҳам учрайди: икки мамлакат қўшинлари бир-бирига қарши жангга чоғланган кезларда, даставвал, ҳар икки лашкарбоши ўртага чиқиб, ўзаро курашган. Улардан қай бири ғолиб чиқса, қон тўкилмай музаффарлик шу мамлакат фойдасига ҳал бўлган. Паҳлавонлар ҳаётидан ажойиб асарлар битган ХV асрнинг зукко алломалари - Хусайн Воиз Кошифий, Зайниддин Восифийлар ҳам курашнинг илмий, маънавий-маърифий, аҳлоқий жиҳатларига диққатни қаратганлар. Жумладан, Кошифий ўзининг «Футувватномаи султоний» 

(«Жавонмардлик тариқати») асарида шундай ёзади: «Билгилки, кураш одамлар кўп қизиқадиган, султону шохларга мақбул бўладиган ҳунарлардандир. Бу иш билан шуғуланувчи кишилар ҳар қандай вазиятда тўғрилик ва поклик қонунияти билан яшайдилар». Агар Курашнинг маъноси нима диб сўрасалар, жавоб бериб айтгилки, бунинг маъноси одамзод ўз хилқатидан келиб чикади. Чунки у ўз мақбул ва номақбул аҳлоқий сифатлар орасида доимий кураш боради, яъни ҳар бир сифат ўзига қарши сифатни даф қилиш пайида бўлади. Демак, кураш инсон хилкатидаги шу хусусиятни ифодалайди…» давомида шаклланган, шахснинг камолотга эришувида муҳим аҳамият касб этган кураш баъзи даврларда, хусусан 130 йилдан зиёд вақт давом этган чор мустамлакаси ва шўролар ҳукумронлиги пайтида анчайин завол топди, оёқости қилинди. Тоталитар тузум мутасаддилари маҳаллий халқни руҳан кўтарадиган, мудроқ қалбини уйғотиб, фахр ва ғурур бағишлайдиган кураш сингари миллий қадриятларимизнинг пайини кирқишдан манфаатдор эдилар. Шу боис ҳам авлоддан-авлодга ўтиб, сайқал топиб келган ўзбек кураши шўролар даврида руёбга чиқа олмади. Бироқ жисму дилида буюк аждодлар қони гупуриб турган, уларнинг маънавий меросидан қандайдир даражада баҳра олган бели бақувват полвонлар тор доирада бўлса ҳам кураш удумига содиқ қолдилар. Фақатгина Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин Ўзбек Курашига қайтадан ҳаётбахш руҳ бағишланади. Байрамлар, сайилларга яна Кураш кириб келди.     Асрлар синовидан, мураккаб даврлар силсиласидан мардона ўтган, чинакам мардлар, муносиб рақиблар баҳси, эзгу ниятлар, олий мақсадлар тимсоли бўлиб эътироф этилган Ўзбек Кураши яна умумхалқ назарига тушди, умумдавлат, мамлакат даражасидаги муҳим ишга айланди. Бир неча йилдирки, жаҳон афкор оммасининг меҳрини қозониб, дунё спорт саҳнасида ўз ўрнини топди. Сайёрамизнинг турли қитъа ва юртларида истиқомат қилувчи не-не халқлар, элатлар Ўзбек Курашининг жозибасига, унинг инсонпарварлик, байналмилаллик, бағрикенглик ғояларига маҳлиё бўлиб, севимли спорт тури сифатида қабул қилмоқдалар. Ўзбек кураши турли миллатларни бир-бирига бирлаштирувчи, туташтирувчи беминнат ришта янглиғ хизмат қилмоқда. Бу эса, шубҳасиз, халқимизнинг жуда катта ютуғидир.  

  Манба: "Ўзбек Кураши довруғи", ТОШКЕНТ, 2002 й.      

Алоқа

Биз билан боғланинг


Телефон
+998 71 244 71 98
Манзил:
Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри, Усмон Юсупов кўчаси, 70 А. 100128

Савол туғилдими?

ўкф

kurash 24