У́КФ

Янгиликлар

Термиз шаҳри мезбонлик қилган кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ал-Ҳаким Ат-Термизий хотирасига бағишланган ХV халқаро турнир кўтаринки руҳда ташкил этилди. Буни мусобақада иштирок этиш учун сайёрамизнинг тўрт қитъасидан келган меҳмонларнинг юз-кўзларидан ҳам билиш қийин эмасди.

Халқаро турнир якунида анъанага кўра мамлакатимиз ҳамда дунёнинг 30га яқин давлатидан ташриф буюрган 100 нафардан ортиқ спортчилар, мураббийлар, ҳакамлар ва расмий вакиллар учун вилоят ҳокимлиги томонидан қабул ташкил этилди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов иштирок этди.

Тадбирда азал-азалдан улуғ алломалар, азиз авлиёлар, алп келбатли паҳлавонлар юрти бўлган Сурхон воҳасига ташрифи, қолаверса нуфузли халқаро турнирдаги иштироки учун хорижлик меҳмонларга миннатдорлик билдирилди ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Ўз навбатида меҳмонлар олижаноблик, мардлик ва ҳалоллик тимсоли бўлган ўзбек курашидан завқланиб, унинг самимий ва идрокли спорт тури эканини олқишлашди. Шунинг баробарида келгуси мусобақаларга ҳам албатта ташриф буюриш истагини билдиришди.

Тадбир санъаткорларнинг куй-қўшиқлари ва рақсларга уланиб кетди.