ўкф

Ўзбек курашини дунёга олиб чиққан фидойи инсон ҳақида очерк

ўкф

Ўзбек курашини дунёга олиб чиққан фидойи инсон ҳақида очерк

 Ўзбек кураши Осиё ўйинларига кирди. Осиё ўйинлари Олимпиада ўйинларидан кейин дунёдаги энг шов-шувли спорт анжумани. Миллионлаб инсонлар, давлат раҳбарларидан тортиб оддий инсонлар ҳам кўз узмай томоша қиладиган дунё саҳнаси. Ўзим ҳам қолдирмай кўраман. Бу саҳнада Ўзбекистон деган давлатнинг спорти – ўзбек курашидан 15 та олтин, 15 та кумуш, 30 та бронза, жами 60 та медаллар шодаси турли мамлакатларнинг, Ўзбекистон байроғининг рамзи акс этган кураш яктакларини кийган спортчиларига насиб қиладиган бахт. Бу бахт фақат спортчининг оиласида эмас, балки ватанида ҳам байрам бўлади. Бу байрамларга сабабчи – ўзбек курашидир. Ўзбек номи жаҳон саҳнасида абадий муҳрланди, десак, сира муболаға бўлмас. Ўз миллий спортини дунёга чиқарган уч-тўрт буюк давлатлар қаторида энди Ўзбекистон ҳам мағрур туради. Мен бугун ўзбек миллий спорти – кураш, унинг оммалашиши, халқаро майдонга чиқиши ва оламшумул ютуқларга эришишига умрини бағишлаган инсон ҳақида яна бир бора кўпчиликнинг эътиборини қаратмоқчиман. Курашимиз ўз-ўзидан бугунги даражага чиқмаганлигини эслатмоқчиман.

ўкф

ТОҒАЙ МУРОД ЁЗГАН ЭДИ

 “Полвонлар ҳақидаги “Юлдузлар мангу ёнади” асарим 1976 йили чоп этилиб, йилнинг энг яхши асари, деб тан олиниб эди. У вақтларда курашга ёмон кўз билан қаралар эди. Ўшанда Ўзбекистон спорт комитети ҳузурида республика кураш федерацияси ташкил этмоқчи бўлдилар. Аммо, спорт комитети раҳбарлари оғриндилар. Самбо бор, бўлади, дедилар. Ҳатто, йиғилиш ўтказиш учун …мажлислар залини ҳам очиб бермадилар. Кейин, кураш аҳли спорт комитети подвалига тушдилар. Подвалда кичкинагина ...буфет бор эди. Ана шу буфет полвонларга лиқ тўлди. Ўзбекистон кураш федерацияси ана шу подвалда, ана шу ...буфетда ташкил этилди! Раҳбарият сайланди, президиум сайланди. Федерация низоми тасдиқланди. Ана шунда профессор Назаров деган бир киши мени жойимдан турғазиб, шундай деди: – Ўртоқлар, кураш деган сўзни айтиб бўлмайдиган, ҳатто кураш федерацияси ташкил этиш йиғилиши учун мажлислар зали очиб берилмайдиган бир замонда шу укамиз ўзбек кураши ҳақида гўзал асар яратди. Келинглар, мана шу укамиз учун бир қарсак чалайлик! Ҳозиргина туғилган кураш федерацияси аҳли жойидан туриб, мен учун қарсак чалди. Мен уларга қуллуқ қилиб, ташқари чиқдим. Бир бурчакка ўтириб… ҳўнг-ҳўнг йиғладим”.

ўкф

ТОҒАЙ МУРОД НЕГА ЙИҒЛАГАН ЭДИ? 

Буни тушунган тушунади, билган билади. Буни кураш деган спорт ўйини ўзбекнинг тўйидан бошқа жойда тан олинмаганини, ҳатто собиқ иттифоқ миқёсида мусобақалар ўтмаганини кўрган, биз каби эски полвонлар билади. Кураш билан шуғулланиб, оти чиқмагач, Иттифоқ ва Халқаро мусобақаларга бориш учун самбо, дзюдо каби спорт турларига ўтиб кетган, у курашларда ҳам ўзбекнинг тўй курашидаги усуллар билан рақибларини қойил қолдирган полвонлар билади. Ҳа, “Бухороча кураш” деганимиз Бухородан, “Фарғонача кураш” деганимиз Фарғонадан нарига ўтмас эди. Бу курашлар бўйича мусобақалар фақат Наврўз байрамларида, ҳосил байрамларида бўлар, энг катта мусобақа ҳам Республика биринчилиги бўлар, аммо унда ғолиб бўлган курашчилар ҳам ҳеч қандай нуфузга эга бўлмасди. Полвонларнинг топгани эса ўзбекнинг тўйидан эди. Давлат қўллаб-қувватламагани билан курашсевар ўзбек халқининг ўзи тўйларида катта-катта курашлар бериб, полвонларга тўн, гилам, радио, телевизор, от, туя, ҳўкиз каби совринларни берди. Ўзига тўқроқ кураш ихлосмандлари бир неча қўшни республикалардан курашчилар келган катта тўйларда енгил машиналарни ҳам совринга бериб юбордилар. Ўтган асрнинг 70-йилларида Бухородан бир эмас, икки эмас, етти ака-ука полвонлар етишиб чиқди-ки, бу етти полвоннинг довруғи довон ошди. Полвонлар тили билан айтсак, бу етти ака-ука солимнинг зўрини олиб, борган еридаги полвонларни қийратиб кетаверди. Бу афсонавий етти баҳодир бухоролик Турсун полвон Юсуповнинг фарзандлари эди... Етти полвоннинг кенжаси – Комил Юсупов ўзбек курашини дунё миқёсига олиб чиқишга бел боғлади в а буни қойилмақом қилиб уддалади. Бу иш эса осон ҳам бўлмади, бирданига амалга ошиб ҳам кетмади. Бунга ишонмаганлар кўп бўлгани майли, тиш-тирноғи билан қарши бўлганлар, нима қилиб бўлса ҳам Ўзбек кураши дунё миқёсига чиқмаслиги учун жонбозлик кўрсатганлар ҳам бўлди. Бугун ана шу қийинчиликларни, қаршиликларни енгиб, Ўзбек миллий курашини дунёга кўз-кўз қилган Комил Юсупов ҳақида ва унинг бу йўлдаги заҳматлари ҳақида ҳикоя қилмоқчимиз.

ўкф

ОРЗУ-УМИДЛАР ЙЎЛИДА 

Комилнинг барча акалари самбо, дзюдо курашлари бўйича СССР спорт усталари эдилар. Комил ҳам акалари изидан бориб, аввало, тўйларда кураш тушиб, обдон чиниқди. Кейин халқаро майдонларга чиқиш учун Тошкентга келиб, самбо кураши билан жиддий шуғулланди. Тинимсиз меҳнатлар самара берди. Бир неча бор республика ва собиқ Иттифоқ чемпиони, Халқаро турнирлар ғолиби бўлиб, спорт устаси, кейинроқ Халқаро спорт устаси унвонларини қўлга киритди. Ҳатто унинг ўта ноёб қобилиятли курашчилигини эътироф этган Япония самбо кураши мураббийлари 1978 йилда унга “СССР самбо юлдузи” деган ном беришди. Комил Олимпиада ўйинларида иштирок этиш мақсадида япон кураши – дзюдо спорти билан жиддий шуғулланишни бошлади. Ўзбек миллий курашига яқин бўлган дзюдо курашини жуда тез ва осон ўзлаштирди. Дзюдо курашида ҳам бир неча бор республика, собиқ Иттифоқ чемпиони бўлиб, Халқаро турнирларда ғолиб бўлди. Дзюдо кураши бўйича Халқаро спорт устаси бўлди. Халқаро мусобақаларда у қўллаган кураш усуллари дзюдо ватани бўлган Япониянинг етук мураббийларини ҳам қизиқтириб қолар, мусобақалардан кейин улар Комилдан бу усулларни тушунтириб беришини сўрашар, бу усулни қаердан ўргангани билан қизиқишарди. Уларнинг саволларига У “Бу усуллар бизнинг ўзбек тўйларида бўладиган кураш ўйинларида ишлатилади. Бу усулларни оталаримиз ўз оталаридан ўрганишган. Улар авлоддан-авлодга ўтиб келаяпти. Шундай усуллар борки, уни фақат маълум бир оила вакилларигина билади ва ишлата олади”, деб жавоб берар, бутун дунёдан келган дзюдо мураббийлари ана шу ўзбек курашига қизиқиб, “Албатта, Ўзбекистонга бориб, сен айтган тўй курашини, сен ишлатадиган усулларни кўрамиз”, дейишарди. Ўша йиллари Комилнинг юрагида “Ўзбек курашининг дзюдодан кам жойи йўқ экан, ўз курашимизни ҳам катта майдонга олиб чиқсак бўларкан”, деган орзу-умидлар туғилди. Собиқ Иттифоқда бошқа республикалардан келадиган спортчиларга паст назар билан қараш, Халқаро мусобақаларда қатнашишга таклиф қилмаслик, барча мусобақаларга имкон қадар Россия спортчиларини олиб бориш каби камситишлар Комилни эзар эди. Бу камситишлар 1980 йилда ёзги Олимпиада ўйинлари Москвада ўтганида чўққисига чиқди. Олимпиадада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган Комил Юсупов Подольск спорт базасидаги машғулотлар жараёнида овқатдан заҳарланди. Заҳарланишнинг ўта оғир формаси, деб ташхис қўйган врачлар унга бир ой ўрнидан турмасликни буюришди, яъни Олимпиада ўйинлари ўтиб бўлгунча... Раҳбариятнинг мақсадини тушунган Комил Юсупов Ўзбекистонга қайтиб, касалхонага ётди. Ўғлининг энг улкан орзуси саробга айланганини, заҳарланганини эшитган она бу изтиробларни кўтара олмай, оламдан ўтади. Ана шунда Комил Юсупов алам билан қасд қилади: ўзбек курашини дунёга олиб чиқаман! Ўзимни ўзбек курашида кўрсатаман! Дунёга ўзбек курашини кўрсатаман! Москвада Олимпиада чемпиони бўлган россиялик дзюдочи мардлик қилиб, мана бундай интервью берган эди: – Олимпиадада менга тенг келадиган рақиб топилмади, аммо мен ўзбекистонлик Комил Юсуповга тенг келолмаган бўлардим. Ҳа, Россияда туғилганида Олимпиада чемпиони Комил Юсупов бўларди...

ўкф

ҲАММА ЖОЙДА ҒИРРОМЛИК...

Комил Юсупов СССР терма жамоасини тарк этди. Ўзбекистонга қайтиб, университетнинг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга кирди. Аммо спортни, курашни тарк қилмади. Дзюдо кураши бўйича Ўзбекистон биринчилиги бўлишини, 71 килограмм вазнда курашиш учун Россиядан кучли дзюдочини “ёллаб” олиб келинганини эшитган талаба Комил Юсупов бошқатдан белбоғини боғлади. 66 килограмм оғирликдаги Комил ўз вазнидан юқори вазн тоифасида иштирок этишини эълон қилди. Ҳеч бир қийинчиликсиз финалга етиб келган Комил “легионер” дзюдочини бир неча марта кўтариб урса ҳам ҳакамлар унга баҳо беришмади ва очиқ ғирромлик билан ғалабани ёлланган курашчига беришди. “Россияда майли эди, наҳотки, ўзимизнинг Ўзбекистонда ҳам шунақа адолатсизлик қилишса”, дея аччиқланган Комил Юсупов қалтис қарорга келди: у мутлақ вазнда курашга чиқишини айтди. 150-160 килограмм тош босадиган полвонлар билан вазни 70 кило келмайдиган полвоннинг беллашиши ҳали учрамаган ҳодиса эди. Ҳакамлар ва мураббийлар “Бирор кор-ҳол бўлса, ўзим жавобгарман”, деган тилхатни олгачгина унга рухсат беришди. Ана шунда мўъжиза рўй берди. Алам ва аччиқ билан гиламга чиққан Комил Юсупов ўзидан икки баравар оғир полвонларни бирин-кетин йиқитиб, Ўзбекистоннинг мутлақ чемпиони деган шарафли унвонни қўлга киритди! Бундан ҳайратга тушган мухбирларнинг “Бундай таваккал қилишга сизни нима мажбур қилди?” деган саволга шундай жавоб берди: – Спортда ҳалоллик бўлиши керак. Қачонгача ғирромлик бўлади? Биз ўзбекнинг тўйларида ҳалол курашиб катта бўлдик. Мен мутлақ ғолиблик учун гиламга чиққанимда, рақибларимни ҳалол енгиб, ўзбекона ҳалоллик тантанасини кўрсатишни истадим. Барча ҳакамларга ҳалоллик нима эканини, ҳалолликни енгиб бўлмасликни кўрсатмоқчи эдим, Худога шукур, ниятимга етдим! Энди бутун дунёга ўзбек курашининг ҳалол кураш эканини кўрсатаман! Бугун Ўзбек курашида дунёнинг барча тилларида бирдек айтилаётган “Ҳалол” лафзи ана ўшанда унинг қалбига нақшланган эди.

ўкф

МАШАҚҚАТЛИ ТАНЛОВ 

Туғма курашчи, чайир ва довюрак Комил Юсупов университетни тугатди. Давлат хавфсизлиги қўмитасига ишга олинди. Ҳалол меҳнати билан, обрў-эътибор топди. Орада 1989-90-йилларда Горький шаҳридаги шу соҳанинг олий курсини ҳам битириб келди. Хизматлари орден, медаллар билан тақдирланди. Лекин ўзига берган сўзи – ўзбек курашини жаҳонга олиб чиқиш мақсади бирор кун ҳам хаёлидан кетмади. Ҳатто тушларига кураш кирадиган бўлиб қолди. Бир куни кўрган туши унга бир ишора бўлиб туюлди. Катта кураш бўлаётган эмиш. Рақибининг икки курагини бирдек ерга теккизган полвонга “Ҳалол”, тақиқланган усулни ишлатган полвонга “Ғирром” деб ҳакамлик қилаётган эмиш. У шу кундан бошлаб, ўзбек курашининг Халқаро майдонлардаги қоидаларини, уларда ишлатилиши лозим бўлган сўзларни қатъий ишлаб чиқишга киришди. Дастлаб миллати, тилидан қатъи назар, барча ҳакамлар бемалол айта оладиган 13 та сўзни танлаб олди: ”ўртага”, ”таъзим”, ”кураш”, ”ҳалол”, ”ёнбош”, ”чала”, ”дакки”, ”танбеҳ”, ”ғирром”, ”бекор”, ”тенг”, ”тўхта”, ”вақт”. Кейин ҳар бир сўзнинг ишлатиш ўрнини белгилаб чиқди. Шундан кейин ўзбек курашининг ҳакамлар ҳам, курашчилар ҳам, ҳатто томошабинлар ҳам бемалол ўзлаштира оладиган қоидаларини оддий ва мукаммал кўринишга олиб келиш устида ишлади. Чунки Халқаро мусобақалардаги қоидалар тўй курашидан фарқ қилиши табиий эди. Масалан, тўйда икки полвон бир-бирини йиқитолмаса, қайта-қайта бел олишаверади. Аммо мусобақаларда икки полвонга соатлаб вақт ажратишнинг имкони йўқ. Шунинг учун аввало, кураш вақтини аниқ чегаралаш ва ғолибни аниқлаш учун баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда тақиқловчи қоидаларни ҳам аниқлаш лозим эди. У ойлар давомида кураш билимдонлари билан маслаҳатлашиб, бу қоидаларни ишлаб чиқди. Бу қоидаларда тарихи бир неча минг йиллик бўлган ўзбек курашининг ҳалоллиги, поклиги, рақибни ҳурмат қилиши, полвонларнинг танти бўлиши, инсонийлик тамойиллари акс этди. Улар акаларига, курашчи дўстларига, устоз полвонларга ҳам маъқул бўлди. Шундан кейин ўзбек курашининг ўзига хос либоси ҳақида бош қотирди. Чунки тўй бошқа, халқаро мусобақа бошқа. Тўйда ҳар ким топганини кийиб, курашиб кетаверади. Аммо халқаро мусобақаларда ўзбек курашини кўрган томошабинда бу кураш полвонлари кийган либос ҳам ўзгача таассурот уйғотиши, Ўзбек кураши билан шуғулланадиган полвоннинг кийими ҳам бошқаларда ҳавас, меҳр уйғотиши, ўзбек курашининг полвони бошқалардан яққол ажралиб туриши лозим эди. Комил Юсупов кураш тушиладиган гилам қанақа бўлишини, қандай ёш ва вазн тоифалари бўйича мусобақалар бўлишини ипидан игнасигача ишлаб чиқди. У барча қоида ва кўрсатмаларни мукаммал даражага келтиргунча ўнлаб дафтарлар қораламага тўлди. Охирида барча қоидалар, кўрсатмалар маромига етгач, уларни бир рисола қилди. Аммо барчасини ўзи кутган кун келгунича сир тутди...

ўкф

ТАНЛАНГАН ЙЎЛНИНГ АЗОБЛАРИ 

Комил Юсупов ўзи ишлаб чиққан ўзбек миллий курашининг янгича қоидаларини мамлакат бўйлаб ёйиш, тарғиб қилиш, тушунтириш, полвонларни ишонтириш учун ҳамфикр инсонларни қидирди. Курашни полвонлардан бошқа одам қўллаб-қувватлармиди? Энг аввал уни тушунган, унга ишонган, уни қўллаганлар Жўрақули, Нурмуҳаммад, Шермуҳаммад, Музаффар, Норқули акалар бўлди. Бошқаларни ҳам ортидан эргаштириш учун Комил Юсупов полвонлар юртига йўл олди... Ўзи тайёрлаган шогирдлари иштирокида бир қанча вилоятларда кўргазмали чиқишлар қилиб, ҳаммага энди ўзбек кураши мана шунақа бўлиши, шу тартибда жаҳон майдонига чиқишини тушунтирди. Афсуски, қўллаганлардан қарши чиққанлар кўп бўлди, янгича кураш ёқмаганлар кўп бўлди. “Бу кураш дунёга икки дунёда чиқмайди”, деганлар бўлди. Аммо ўзи билан кураш тушиб юрган полвонлар унга ишонишди, қўллаб-қувватлашди. Бундан илҳом олган Комил Юсупов олдинроқ спорт қўмитаси раиси бўлиб ишлаган Ўзбекистон Олий Мажлиси раиси М.Ибрагимовга учрашиб, ёрдам сўради. Унинг маслаҳати билан Олий Мажлисга оилавий мурожаат ёзишди. Хатда ўзбек миллий курашини ривожлантириш, уни халқаро майдонга олиб чиқиш масаласи олдинга сурилган эди. Ташаббусни маъқуллаган Олий Мажлис масалани ижобий ҳал қилишни Давлат спорт қўмитаси зиммасига юклади. Қўмита катта йиғилиш қилди ва унда Комил Юсупов курашнинг барча қоидалари ва мусобақалар тартибини тушунтириб берди. Ҳайҳот! Уни ҳеч ким тушунмади! Очиқдан-очиқ “Шу нарса керакми бизга?” дейишди. Комил Юсуповнинг елиб-югуришлари билан 1991 йил 21 июнда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон вакиллари йиғилиб, жуда кўп тортишув ва баҳслардан сўнг тузилган “Ўрта Осиё паҳлавони” ассоциацияси бир кун ҳам ишламай, режалар барбод бўлди. Чунки Ўрта Осиёдан келган мутахассислар ҳам ўзбек курашини жаҳонга олиб чиқиш мумкинлигига ишонишмаганди. У энди ўзбек кураши бўйича мусобақалар ўтказиб, ана шу мусобақалардагина курашни тарғиб қилиш орқали буюк мақсадга етиш мумкинлигини сезди. Яна спорт қўмитаси раҳбариятига учрашиб, уларни кураш бўйича Ўрта Осиё турнирини ўтказишга кўндирди. Шундай қилиб, биринчи марта Мираки қишлоғида ўзбек кураши бўйича илк Ўрта Осиё турнири ўтказилди. Турнирда унинг ўзи ҳакамлик қилиб, ҳалол ҳакамлик қандай бўлиши кераклигини амалда кўрсатди. Турнир муваффақиятли ўтди. Комил Юсупов эса ўзи маромига етказиши лозим бўлган ишларни, камчиликларни белгилаб олди. Энг муҳим ютуқ шу эди-ки, янгича қоидалар асосида ўтказилган кураш барчага бирдек маъқул бўлди.

ўкф

ШОНЛИ ЙЎЛНИНГ БОШЛАНИШИ 

Ўзбек курашининг йўли фақатгина Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейингина нурафшон бўлди. Мустақилликнинг илк кунлариданоқ давлат раҳбарининг ўзи “Ҳеч нарса мамлакатни дунёга спортчалик тез танитмайди”, дея иборага алоҳида эътибор қаратди. Мустақиллик эълон қилинган куни энг севинган одам Комил Юсупов бўлди. “Ана энди Ўзбек курашининг жаҳонга йўли очилади!” деган эди у ўша куни ишонч билан. 1991 йил 17 сентябрь. Мустақилликнинг учинчи ҳафтаси. Мустақиллик нима эканига ҳали биров тушуниб, биров тушунмаган пайт “Спорт” газетасида Комил Юсуповнинг “Ўз тилимиз, ўз курашимиз бор” номли мақоласи чоп қилинди. УндаЎзбек курашининг бор гўзаллиги, унинг ҳалол спорт тури экани ва унинг барча қоидаларини шарҳлаб берди. Ўзбек курашини қандай қилиб жаҳонга олиб чиқиш йўлларини кўрсатди. Мақола катта шов-шувга сабаб бўлди. Кейинчалик, мамлакат биринчи Президенти уни чақириб, Ўзбек кураши ҳақида суҳбатлашганида унинг столи устида ўз мақоласини кўриб, мақола ёзиб адашмаганини англади. ЛИтва_президенти_Бразаускас_билан.jpg Комил Юсупов ва акалари, айниқса, тўнғич акаси Жўрақули ака Ўзбек курашининг энг жонкуяр тарғиботчисига айланди. Улар вилоятма вилоят, туманма туман юриб, янги қоидаларга асосланган Юсуповча Ўзбек курашини тарғиб қилишди. Вилоятлардаги полвонларни Ўзбек курашини жаҳонга олиб чиқишдек муқаддас ғоя атрофида бирлаштиришди. Шу саъй-ҳаракатлар билан 1992 йилнинг март ойида Тошкент шаҳар Ҳамза туманида Тоғай Муродни йиғлатган воқеа содир бўлди – Ўзбекистон тарихида илк бор “Ўзбекистон миллий кураш федерацияси” расман рўйхатдан ўтказилди! Федерациянинг илк йиғилишида Комил Юсупов бир овоздан унинг раиси этиб сайланди. А.Тўйчибоев бош котиб бўлди. Кўпроқ полвонларни бирлаштириш учун полвони энг кўп Сурхондарёга йўл олишди. Спорт қўмитасида битта ҳам полвон ишламас экан. Қўмита ходими Комил Юсуповга ҳам, у айтган Ўзбек курашига ҳам беписандлик билан қараб, “Унақа спорт тури йўқ, тўйларда бўладиган кураш деган бир ўйин бор, холос”, деб рўйхушлик бермади. Қўмита раҳбари эса уларни қабул ҳам қилмади. Бирор полвоннинг манзилини ҳам бермади. – Эртага Шафоат полвоннинг хотирасига кураш турнири бўлаяпти, борсаларинг, ўша ерда полвонларни кўрасизлар, – деди ходим совуққина қилиб. Тасодифан учраб қолган эски полвон Сафар Қосимов Комил Юсуповнинг мақсадини билгач, бирпасда ҳамма полвонларни чойхонага йиғди. Буни қарангки, полвонлар йиғилганини эшитган ҳалиги спорт қўмитаси ходими ҳам келиб, даврага қўшилди. Комил Юсупов Ўзбек кураши ҳақида гапириб, мақсади уни жаҳонга олиб чиқиш эканини айтди. “Сизларнинг қўллаб-қувватлашларингизни сўраб келдим”, деди. Бир маҳал ҳалиги ходим сўз олди: – Сурхондарё полвонлар юрти! Эй, Сурхон полвонлари, сиз курашганда бирор вилоятда сизга тенг келадигани топилмаган! Аммо бугун мен сизлардан хафа бўлдим. Қани Сурхонлик полвонлар? Ота-бобоси полвон ўтган сиз паҳлавонларга бугун келиб, бир бухоролик курашни ўргатмоқчими? Сизлар кимга эргашмоқчисизлар? Комил Юсупов Ўзбекистон спорт қўмитасида ҳам уни хуш кўрмайдиганлар, Ўзбек кураши деса, энсаси қотадиганлар борлигини биларди, аммо уларнинг эгизлари узоқ Сурхондарёда ҳам топилганидан қаттиқ хафа бўлди. Бахтига яна эски полвонлар жонига оро кирди: – Тўхтат! – деди Соат полвон ҳалиги тўрага. – Биз-ку елкаси ер кўрмаган полвон Комил Юсуповни жуда яхши таниймиз ва уни чексиз ҳурмат қиламиз, аммо сен ўзинг кимсан ва қаердан келиб қолдинг? – деди ўрнидан туриб кетган Абдурасул полвон. – Буни ким чақирди? Ҳайданглар буни! Каттаконни шарманда қилиб ҳайдаб чиқардилар ва барча полвонлар бир овоздан Комил Юсупов тақдим қилаётган янги тартибдаги Ўзбек курашини қўллаб-қувватлашларини изҳор қилдилар. Ана шунда илк бор полвонларга ишониб, хато қилмаганини англаган Комил Юсуповнинг кўзлари ёшланган эди... Эртаси куни таниқли полвон Шафоат Шомуродов хотирасига бағишланган хотира турнирини очиб беришни ҳурмат билан Комил Юсуповдан илтимос қилишди. Кеча уни қабул қилишни истамаган спорт ишлари бошқармасининг бошлиғи ҳам шу ерда эди. Комил Юсупов энди Ўзбек кураши жаҳонга чиқиши кераклигини айтиб, ўзи ишлаб чиққан қоидаларни тушунтирди. Ўзи билан олиб келган янги кураш яктакларини полвонларга кийдириб, янги қоидалар бўйича кураштирди. Бу қоидалар барча полвонларга маъқул келиб, бугунги тадбирни шу қоидалар асосида ҳакамлик қилиб олиб боришни ўзидан илтимос қилишди. Шундай қилиб, Сурхондарёга қилган илк сафари ўзи кутганидан ҳам катта натижа бериб, меҳмон бўлиб борган Комил Юсупов турнирга ҳакам ҳам бўлди, мусобақани янги қоидалар асосида ўтказиб, бу қоидаларни ҳаммага манзур ҳам қилди. Тадбир сўнгида Сурхондарёда Ўзбек кураши бўйича Халқаро турнир ўтказиб, унга элликдан ортиқ мамлакат полвонларини чақиришга ваъда берди. Курашсевар Сурхон эли ана шунга дуо берди. Минглаб кураш ишқибозлари тик туриб, қарсак чалиб, бу ниятни олқишлашди. Тадбирдан сўнг Тошкентдан келган меҳмонларни бир пиёла чойга таклиф қилган спорт ишлари бошқармаси бошлиғи ўзининг хатосини тан олиб, бундан бу ёғига қўлидан келган ёрдамини аямаслигини айтди. – Мен барибир Ўзбек курашини жаҳонга олиб чиқаман, – деди Комил Юсупов уни хижолатчиликдан қутқариб. – Бу йўлда бунақа майда-чуйдаларга эътибор бериб ўтирмайман!

ўкф

КУРАШИМИЗ ИККИТА 

Кураш устаси Фарғона водийсига йўл олди. Уни машҳур полвон Турсунали Муҳаммад кутиб олди. Водил қишлоғида йиғилган полвонлар даврасида Комил Юсупов Ўзбек курашини жаҳонга олиб чиқмоқчилигини айтиб, ўз режаларини сўзлаб берди. Эртасига Водилда катта кураш бўлди. Бу мусобақада ҳам Комил Юсупов Ўзбек курашининг янги қоидаларини тушунтириб, ўзининг буюк ниятларини айтиб, элнинг дуосини олди. Андижоннинг Балиқчисида елкаси ерга тегмаган, эл ичида “Ёғоч полвон” бўлиб танилган машҳур Райим полвон тумандаги барча шогирдларини йиғди. Комил Юсупов уларга ҳам ниятини айтиб, ўзи ишлаб чиққан янги қоидаларни тушунтирди. Ана шундай қилиб, барча вилоятларга бориб, Ўзбек курашини жаҳонга олиб чиқиш режасидан полвонларни хабардор қилиб, янги қоидаларни тушунтириб чиқди. Устоз полвонларнинг дуосини, ёш полвонларнинг қўллаб-қувватлаш ҳақидаги ваъдасини олди. Эндиги вазифа собиқ Иттифоқ республикаларидан полвонларни чақириб, Ўзбек кураши бўйича Халқаро турнир ўтказиш, бу курашни дунёга тақдим қилиш эди. Яна акалари билан маслаҳатлашган Комил Юсупов отаси Турсун полвон Юсупов хотирасига Халқаро турнир ўтказишга аҳд қилди. Барча харажатларни акалари кўтарадиган бўлди. Аммо қўшни давлатлардан ҳам полвонлар келишини эшитган туман ва вилоят раҳбарлари, бақувват корхоналарнинг раҳбарлари ҳам ўзларини четга тортмадилар. Россия, Грузия, Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган курашчиларга илк бор Ўзбек миллий кураши қоидалари тушунтирилди ва кўргазмали чиқишлар қилиб кўрсатилди. Хотира турнири Комил Юсупов ишлаб чиққан қоидалар асосида жуда муваффақиятли ўтди. Энг муҳими, қўшни давлатлардан келган полвонлар ва кураш мутахассисларида Ўзбек кураши катта қизиқиш уйғотди. Улар бу кураш бўйича Халқаро мусобақалар ўтказиладиган бўлса, бажонидил иштирок этишларини билдиришди. Комил Юсупов ўзи танлаган йўл тўғри эканига янада қаттиқроқ ишонди.

ўкф

ПРЕЗИДЕНТ ЭЪТИБОРИ 

Курашни жаҳонга олиб чиқишнинг битта йўли дунё курашчиларини Ўзбекистонга таклиф қилиш ва уларни Ўзбек кураши билан таништириш эди. Дзюдо билан шуғулланиб юрганида, тўй кураши усуллари билан рақибларини йиқитганида дзюдо усталари курашга қизиқиб қолишгани, Ўзбекистонга бориб, бу курашни кўриш истагини билдиришганини эслади. Каттароқ бир Халқаро турнир ўтказиб, ўзининг эски дўстларини, рақибларини, машҳур кураш мутахассисларини Ўзбекистонга таклиф қилишни ният қилди. 1992 йилнинг баҳори. Юрт мустақил бўлгани билан ҳали Амир Темурнинг номини тилга олишга одамларнинг ҳадди сиғмайди. Шундай бир пайтда Комил Юсупов Амир Темур шарафига Ўзбек кураши бўйича Халқаро турнир ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бунақа миқёсдаги тадбир мамлакат раҳбарининг розилиги билан бўлади. Комил Юсупов Президентнинг давлат маслаҳатчиси Усмон Азимовга мақсадини тушунтирди. У бундан хурсанд бўлиб кетди ва бу ажойиб таклифни, албатта, Президентга айтишини билдирди. Кўп ўтмай, Комил Юсуповни Президент Ислом Каримов чақиртирди. Самимий қабул қилган Президент уни ҳам, полвон акаларини ҳам яхши танишини, спортда эришган ютуқларидан хабардор эканини айтиб, узоқ суҳбат қуради. – Ўзимизнинг курашни жаҳон миқёсига олиб чиқмоқчи экансан, буни қандай қилиб уддаламоқчисан? – дейди уни ўзига яқин олиб сенлаган Президент. – Японларнинг дзюдосини 40 йил деганда дунё тан олган, 50 йил деганда оммалашган. 50 йиллаб дунёга чиқа олмай юрган кураш турлари бор. Сен буни эплай оласанми, қанча вақтда Ўзбек курашини жаҳонга олиб чиқа оласан? Комил Юсупов курашнинг барча қоидалари, тартиблари, либосларигача мукаммал ишлаб чиққани, вилоятларда юриб, уни тарғиб қилганини, полвонлар бунга тайёр экани, мамлакат ичида бир неча турнирлар шу қоидалар асосида муваффақиятли ўтказилгани, энди Халқаро турнирлар ўтказиб, кураш қоидалари дунё полвонларига тақдим қилинса, кураш жуда тез жаҳонга чиқиб кетишига ишончи борлигини айтади. Президент бунга ишонмайдими ёки Комил Юсуповнинг нияти қатъийлигини синаб кўрмоқчи бўладими, ишқилиб, унга бошқа таклифни айтиб кўради: – Комил, бу ўта оғир иш. Қўй, мен сенга яхши бир вазифа берай, унут шу курашингни. – Ислом ака, мана кўрасиз, Ўзбек кураши дунёга машҳур бўлиб кетади, – дейди Комил Юсупов– Узоғи билан ўн йилдан сўнг бутун дунёда полвонлар Ўзбек кураши билан шуғуллана бошлайди. – Мен сенга каттароқ мансабни таклиф қилмоқчиман, – дейди Ислом Каримов. – Сен эса курашингдан бошқа нарсани гапирмайсан. – Ислом ака, хўп денг, мен курашимизни жаҳонга олиб чиқай, – дейди Комил Юсупов. – Кейин қанақа вазифа берсангиз ҳам розиман. Хуллас, Комил Юсупов Президентнинг турли амал ва мансаблар ваъда қилган таклифини уч марта рад қилади. Уни курашдан бошқа бирор мансаб ёки амал қизиқтирмаслигига амин бўлган Ислом Каримовнинг меҳри ортади. – Майли, мени кўндирдинг, – дейди Президент кулиб. – Аммо тўй курашингни қайси пулга жаҳон миқёсига олиб чиқмоқчисан? – Ҳомийлар кўмаги билан, – дейди Комил Юсупов иккиланмасдан. – Сенинг курашингга пул берадиган ҳомий топилармикан? – кулиб юборади Президент. Ана шунда Комил Юсупов ўйлаб юрган режасини айтади: – Бир илтимосим бор, йўқ демасангиз, сизнинг совринингизни қўйиб, Амир Темур Халқаро турнирини ўтказсак. Чет эллик спортчиларни таклиф қилиб, уларни Ўзбек кураши билан таништирсак, курашимизни жаҳонга олиб чиқиш йўлидаги энг катта қадам шу бўларди. Президент соврини учун мусобақа ўтказилиши ҳақидаги кутилмаган бу таклиф Ислом Каримовни анчагина ўйлантириб қўяди. Ниҳоят, Президент сўрайди: – Майли, мен розиман. Шундай қилсанг, Ўзбек курашини ҳам, Ўзбекистоннинг ўзини ҳам дунёга танитган бўласан. Нима қилсам, сенга ёрдам берган бўламан? – Арзирли соврин ажратсангиз бўлгани, – дейди хурсанд бўлиб кетган Комил Юсупов. – Қолганини ака-укаларим, дўстларим билан ўзим эплайман. Президент Бош вазир Муталовга телефон қилади: – Абдуҳошим, ҳозир олдингга бир қоракўз бола боради, оти Комил, қандай ёрдам сўраса берасан ва менга натижасини айтасан! Шундан сўнг Комил Юсуповнинг елкасига қўлини қўйган Президент унга оқ йўл тилайди: – Совринни ўзимнинг ёнимдан қўяман! Қолган ташкилий ишларингга ҳам ёрдам беришади. Сенга омад тилайман! Дадил бўл, сен билан ҳали кўп кўришамиз! – Ислом ака, ишончингизни оқлайман! Ҳаяжони ичига сиғмаётган Комил Юсупов бошқа сўз топа олмасди.

ўкф

ИЛК ҚАДАМ

 Ўзбекистон Президенти маъқуллаганидан кейин ҳам Ўзбек курашини оммалаштиришга тўсқинлик қилувчилар топилди. Комил Юсуповга ёрдам бериш ўрнига унинг йўлига тўғаноқ бўлганлар ҳам оз бўлмади. Шуларга қарамай, У 1992 йилнинг август ойида Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида Президент соврини учун Амир Темур Халқаро турнирини кўтаринки руҳда ташкиллаштирди ва бу турнир жуда ҳам муваффақиятли ўтди. Чет эллардан келган кўплаб спортчи ва мутахассисларда Ўзбек курашига бўлган қизиқиш ниҳоятда баландлигини кўрганида, унинг барча чарчоқлари унутилиб кетди. Юрагида энди албатта мақсадга эришишим муқаррар, деган ишонч пайдо бўлди. Энг муҳими, Ўзбекистонда бундай миқёсдаги Халқаро турнирнинг ўтиши халқ орасида Мустақилликка,юртимиз раҳбарларига ишончни орттирган бўлса, чет элларда Ўзбекистон номи Ўзбек кураши туфайли танилди. Турнир ниҳоясида Президент соврини учун Ўзбек кураши бўйича Халқаро турнир ўтказилиши доимий анъанага айланиши эълон қилиниши байрамга айланиб кетди. СССР даврида орзу қилиб спортда эриша олмаган унвонларининг биринчиси – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи унвонини Комил Юсуповга Мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов берди. Кўп ўтмай, Комил Юсупов Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитасига раис ўринбосари этиб тайинланди. Бу лавозим мансаб эмас, Ўзбек кураши бўйича кўпроқ ишларни қилиш, янги-янги кураш мусобақаларини ташкил қилиш учун имконият эди. Бу имкониятлардан самарали фойдаланган Комил Юсупов бирин-кетин Президент соврини учун улуғ бобокалонларимиз Ат-Термизий, Нақшбандий, Мирзо Бобур, Ал-Фарғоний, Паҳлавон Маҳмуд Хотира турнирларини ўтказди. Спорт қўмитаси раҳбарларидан бири сифатида кўплаб чет элларда бўладиган мусобақалар, турли анжуманларга бориб, барчасида Ўзбек курашини тарғиб этди. Комил Юсупов Ўзбекистон Дзюдо федерациясига президент қилиб сайланди. Бу ҳам Ўзбек курашини тарғиб қилишга бир восита бўлди. Энди у дзюдо бўйича ўтадиган барча йирик мусобақаларда расман иштирок этар ва у мусобақаларда ўзи истаганича Ўзбек курашини тарғиб қилар эди. 1993 йили Канадада ўтган дзюдо бўйича Жаҳон чемпионати ва Халқаро Конгрессда ўзи билан курашиб юрган кўп спортчиларни, дзюдонинг жаҳон миқёсидаги йирик мутахассисларини, бир қанча давлатларнинг дзюдо федерациялари раҳбарларини Ўзбек кураши ва унинг қоидалари билан таништирди. Ўзбек полвонлари иштирокида кўргазмали чиқишларни намойиш қилди. Дзюдо полвонлари ва мураббийлар Ўзбекистонга бориш, кураш мусобақаларида қатнашиш истагини билдиришди. Осиё Олимпия қўмитаси Президенти Шайх Аҳмад Ас-Сабоҳ Ўзбекистонга келган кунлари унга ҳамроҳлик қилган Комил Юсупов унга ҳам Ўзбек кураши ҳақида маълумотлар берди. У Комил Юсуповни Хиросимада бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларига таклиф қилди. У Ўзбекистон спортчилари делегациясига бош бўлиб, Японияга борди. Японияда ҳам, 1996 йил Атлантада ўтган Олимпия ўйинларида ҳам Ўзбек курашини фаол тарғиб қилди. 1997 йилда Комил Юсуповнинг спортдаги фаолияти юксак тақдирланиб,“Соғлом авлод” ордени билан мукофотланди. 1998 йил. Монако. Дзюдо Европага кириб келганининг 50 йиллигига бағишланган Халқаро анжуманга таклиф этилган Комил Юсупов Ўзбек курашини тарғиб этувчи фильм, рисолалар ва эсдалик совғаларини тайёрлади. Унинг мақсади бутун дунёдан йиғиладиган курашчилар ва уларнинг мураббийларига Ўзбек кураши тақдимотини ўтказиш эди. Европа дзюдо раҳбари, Халқаро конгресс раиси Ф.Хокендай Комил Юсуповнинг илтимосига кўра, бутун дунё мутахассислари олдида Ўзбек кураши ҳақида маълумот бериб, барчани Ўзбек кураши ҳақидаги фильмни кўришга таклиф қилди. Фильм Амир Темур ва Ат-Термизий Халқаро турнирлардан олинган лавҳалар билан бошланди ва кураш ўтаётган стадион лиқ тўла минг-минглаб одамларнинг ҳайқириғини кўрган иштирокчилар ҳайратга тушдилар. Улар Ўзбекистонга бориш ва Ўзбек курашини кўриш иштиёқида эканликларини билдиришди. Комил Юсупов барчани сентябрь ойида Ўзбекистонга таклиф қилди. Комил Юсупов бу хушхабарни давлат раҳбарига етказиб, сентябрь ойида Тошкент шаҳрида Президент соврини учун Халқаро турнир ўтказиш таклифини айтди. Бу ташаббусни маъқуллаган Ўзбекистон Президенти турнирни 5-7 сентябрь кунларига белгилади. ЎЗБЕК КУРАШИНИНГ ТУҒИЛГАН КУНИ 1998 йил 6 сентябрь куни бўлиб ўтган таъсис Конгрессида 28 давлатдан келган вакиллар иштирокида Кураш Халқаро Ассоциацияси (IKA) ташкил этиш овозга қўйилди ва бир овоздан маъқулланди. Конгрессда Ўзбек курашининг Халқаро қоидалари ҳам тасдиқланди. Кураш Халқаро Ассоциация Фахрий президентлигига Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, IKA президентлигига замонавий Ўзбек кураши асосчиси Комил Юсупов сайланди. Шундай қилиб, Ўзбекистон тарихида 1998 йилнинг 6-сентябрь Ўзбек кураши Халқаро спорт сифатида тан олинган кун – Ўзбек курашининг дунёга келган куни бўлиб қолди. Тарихдан маълумки, миллий спортини халқаро спортга айлантирган давлатлар учун энг камида 40-50 йил керак бўлган. Ўзбек кураши эса 7 йилда бу мартабага эришди – тўй кураши Ўзбек кураши бўлиб халқаро спорт турига айланди. Бу Ўзбек курашининг Ўзбекона йўли бўлди. Бу Комил Юсуповнинг йўли эди.

ўкф

БУЮК ОРЗУ ЙЎЛИДА 

Комил Юсуповнинг эндиги орзуси Ўзбек курашини Олимпиада ўйинлари сафига киритиш. Бунинг учун Ўзбек кураши бўйича Жаҳон чемпионатларини ўтказиш, Олимпиада талабларига жавоб бера оладиган тартибларни ўрнатиш талаб қилинади. Бу иш эса ўз-ўзидан бўлмайди. Комил Юсуповнинг орзуларига Аллоҳнинг Ўзи йўл очди: дунёдан хушхабарлар кела бошлади: Америка қитъасидаги бир мамлакат – Боливияда Ўзбек кураши федерацияси очилибди! Икки кун ўтиб, Ўзбек кураши федерациси дзюдо ватани Японияда очилди! Бу хушхабарларни Президентга етказган Комил Юсупов энди Ўзбек кураши бўйича Жаҳон чемпионатини ўтказишга рухсат сўради. Президент рози бўлиб, 1-2 май кунлари ўтказишни тавсия қилади. Бундан ташқари газеталар жойлашган бинодан ижарага олинган хонада ижара пулини ҳам тўлай олмай юрган Кураш Халқаро Ассоциациясини қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги Фармонга ҳам қўл қўяди. Ана шундан кейин кураш “фидойилари”, курашни ривожлантириш учун “жонини ҳам аямайдиган” ишбилармонлар кўпайиб кетди. Президент алоҳида фармон билан қўллаб-қувватлаган IKAга берилиши мумкин бўлган имтиёзлардан фойдаланиб қолишни режа қилган сохта ватанпарварлардан қутилиш ҳам осон бўлмади. – Ўзбек кураши бизнесга айлантирилмайди! – қарорини эълон қилди Комил Юсупов. – Бу кураш ҳалол кураш, унда ғирромлик бўлмайди! Унинг бу қарори, табиийки, “ишбилармонлар”га ёқмади. Энди улар душманлик йўлини тутиб, курашга ҳомийлик қилиш истагида бўлган бошқа инсонларни ҳам бу ниятларидан қайтариш пайига тушди. IKA яна маблағ топишда муаммоларга дуч келди. Ходимларига ойлик беришнинг ҳам иложи йўқ эди. Аммо келаётган хушхабарлар унга далда берарди: Польша, Литва, Арманистон, Голландия, Россияда Ўзбек кураши федерациялари очилди. Ўзбек кураши тарихидаги илк Жаҳон чемпионати катта шов-шув билан ўтди. Унга беш қитъанинг 54 мамлакатидан полвонлар келди. Жаҳон биринчилиги мусобақаларида мамлакат Президенти иштирок қилди ва полвонларни қутлаб, нутқ сўзлади. Ўзбек кураши бўйича Жаҳон чемпионати ўтганидан кейин ўтган бир ой ичида дунёнинг 50 та давлатида Ўзбек кураши федерациялари очилди. Ана шундан кейингина давлат раҳбарлари Ўзбек курашига, унинг асосчиси ва раҳбарига ишонч билдирди ва IKA ўзининг Бош қароргоҳига, ўз байроғига эга бўлган Халқаро спорт ташкилотига айланди. Комил Юсупов энди ташкилот ўз маблағини ўзи топиши учун “Бутунжаҳон Курашни ривожлантириш жамғармаси”ни тузишга бел боғлади. Халқаро Кураш академияси, Халқаро Кураш институтини ташкил этиш учун ҳаракат бошлади. Ўзбек кураши бўйича қитьавий конфедерациялар ташкил қилиш режаларини тузди. Дунё тан олган спорт турлари бўйича Жаҳон чемпионатларининг бир нечаси бу спорт тури қайси давлатга тегишли бўлса, ўша давлатда ўтган. Комил Юсупов Ўзбек кураши бўйича Жаҳон чемпионатининг иккинчисиниёқ бошқа давлатда ўтказишга аҳд қилди. У ўз нияти йўлида Туркия ишбилармонларини, Тунгучлар сулоласи вакили Нуриддин Тунгучни чемпионатга қизиқтирди. Тунгучларнинг қўллаб-қувватлаши билан Ўзбек кураши бўйича 2-Жаҳон чемпионати Европа қитъасида, Анталия шаҳрида бўлиб ўтди. 40 давлатдан келган полвонлар Ўзбек кураши бўйича бел олишдилар. Чемпионат доирасида илк бор Ўзбекистон кунлари ўтказилди. 500 килолик ўзбек палови дамланди. Ўзбекона дастурхон ёзилди. Ўзбекистон санъат усталарининг концерти мушакбозлик билан якунланди. Бирор спорт тури Олимпиада ўйинларига кириши учун бу спорт билан аёллар ҳам шуғулланиши шарт. Анталияда ўтган Жаҳон чемпионатида илк бор аёллар ўртасида ҳам Жаҳон чемпионати ўтказилди. Анталияда ўтган Жаҳон чемпионати Ўзбек курашининг обрўсини баланд кўтарди. 3-Жаҳон чемпионатини ўз мамлакатида ўтказиш истагида бўлган талабгорлар кўпайди. Анталияда ўтказилган Халқаро конгрессда Ўзбек кураши бўйича ўтказиладиган 3-Жаҳон чемпионатига мезбон қилиб Венгрия давлати тайин қилинди. 2001 йил Венгрияда ўтган Жаҳон чемпионати ҳам жуда юқори савияда ўтказилди, унга 50 га яқин давлатдан полвонлар ташриф буюришди. Венгрияда ҳам Ўзбекистон кунлари ташкил қилиниб, ўзбек палови дамланди, Ўзбекистон санъат усталари концерт беришди. Бу Жаҳон чемпионати ҳам эркаклар ва аёллар ўртасида бўлиб ўтди. 2002 йил Ўзбек кураши бўйича 4-Жаҳон чемпионати Арманистоннинг Ереван шаҳрида бўлиб ўтди. У энг кўп курашчи қатнашган чемпионат бўлди. Бу сафар ҳам эркаклар ва аёллар ўртасида жаҳон чемпионлари аниқланди. Ана шу чемпионат доирасида ўтган Халқаро конгрессда Комил Юсупов Ўзбек кураши ривожига катта ҳисса қўшган давлат ва спорт раҳбарларини тақдирлаш мақсадида “IKA Олтин ордени”ни таъсис этиш таклифини киритди. Таклиф барчага маъқул бўлди. Биринчи “IKA Олтин ордени” кураш ватани Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовга Ўзбек курашини жаҳонга олиб чиқишдаги катта хизматлари учун топширилди. Ана шундай Олтин орденлар билан Ўзбек кураши ривожига қўшган катта ҳиссалари учун Сония Ганди (Ҳиндистон), Жак Рогге (ХОҚ президенти, Белгия), Шайх Аҳмад ас-Сабаҳ (Осиё ОҚ президенти, Қувайт амири), Васказ Рания (Мексика), Патрик Хикки (Европа ОҚ президенти, Ирландия), Лоссано Палеппо (Африка ОҚ президенти) каби давлат ва спорт раҳбарлари мукофотландилар. Ўзбек кураши бўйича ўтказилган Жаҳон чемпионатлари курашнинг дунё бўйича ёйилишига катта ҳисса қўшди. 5-Жаҳон чемпионати 2005 йилда Тошкентда, 6-Жаҳон чемпионати Мўғулистон президентининг илтимосига биноан, 2007 йилда Улан-батор шаҳрида, 7-Жаҳон чемпионати 2009 йилда Украинанинг Алушта шаҳрида бўлиб ўтди. Курашда бўғувчи, оғритувчи усуллар ишлатиш таъқиқлангани боис Ўзбек кураши билан ёш болалар ҳам, кексалар ҳам бирдек шуғулланишлари мумкин. Ана шуларни ҳисобга олган Комил Юсупов ёшлар ва кураш фахрийлари ўртасида ҳам Жаҳон чемпионатини ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳаракатларнинг самараси ўлароқ, Термиз шаҳрида икки марта кураш фахрийлари ўртасида Жаҳон чемпионати мусобақалари ўтказилди. Унда 70-80 ёшли отахонлар ҳам гиламга чиқди. Бундай мусобақаларни ташкил қилиш ҳам анъанага айланди. 2000 йилдан бошлаб Ўзбек кураши бўйича ёшлар ўртасида ҳам Жаҳон чемпионати ўтказиш йўлга қўйилди. Илк мусобақалар Россияда бўлиб ўтди. Кейингилари Шаҳрисабзда, Америка қитъасининг Доминикан давлатида, Англияда,Туркиянинг Истамбул, Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳарларида бўлиб ўтди.

ўкф

ДУНЁ ТАН ОЛГАН КУРАШ 

Мен Қирғизистонда бўлиб ўтган Кўчманчиларнинг Халқаро Ўйинларида иштирок этиб, бутун дунёдан келган полвонлар Ўзбек кураши бўйича беллашганига, энг кўп полвон ва энг кўп томошабинни айнан Ўзбек кураши бўйича ўтказилган мусобақалар йиққанига гувоҳ бўлганман. Чет эллик полвонлар Ўзбек курашининг ҳалол кураш эканини, қоидалари оддий ва инсонпарвар эканини, Ўзбек кураши энг гўзал яккакураш тури эканини эътироф этишган. Комил Юсупов Ўзбек курашини дунё миқёсида машҳур қилиш, Олимпиада ўйинлари таркибига киритиш йўлида тиним билмади. Дастлабки муваффақиятга 2002 йилда эришди. Жанубий Кореянинг Бусан шаҳрида бўлиб ўтган 14-Осиё Ўйинларида унинг ўзи гиламга чиқиб, шогирдлари билан Ўзбек курашининг тақдимотини кўргазмали чиқишлар билан ўтказди. Натижада 2006 йилда Қатарнинг Доха шаҳрида бўлиб ўтган 15-Осиё Ўйинларига Ўзбек кураши ҳам киритилди. Ўзбек кураши Осиё Олимпиадаси деб юритиладиган катта майдонга чиқди. Полвонлар 2007 йилда Макаода ўтказилган 2-ёпиқ иншоотларда ўтказиладиган Осиё Ўйинларида ҳам Ўзбек кураши бўйича беллашдилар. 2009 йил Бангкокда ўтказилган якка кураш турлари бўйича 1-Осиё ўйинларига ҳам Ўзбек кураши киритилди ва бу кураш Осиё полвонларининг севимли курашига айланиб қолгани эътироф этилди. Ханойда бўлиб ўтган 3-ёпиқ иншоотларда ўтказиладиган Осиё Ўйинларида ҳам Ўзбек кураши асосий яккакураш турларидан бири бўлди. Таиланднинг Пукет шаҳрида ўтган соҳил ўйинларида, Кореянинг Инчонда ва Ашхободда ўтган ёпиқ иншоотларда ўтказиладиган Осиё Ўйинлари ва Жакартада ўтган ёзги Осиё Ўйинларида ҳам Ўзбек кураши асосий яккакураш турларидан бири бўлди. Ўзбек кураши бугун дунёнинг барча мамлакатларида ўрганилмоқда ва у билан турли ёшдаги спортчилар мунтазам шуғулланмоқда. Масалан, Африкада 2000 йилдан бери катталар ва ёшлар ўртасида узлуксиз равишда Ўзбек кураши бўйича Қитъа чемпионати ўтказилади. Мадагаскар, Маврикий, Конго, Алжир, ЖАР ва бошқалар мезбонлик қилдилар. Қитъа чемпионати Осиёда ҳам мунтазам ўтказилади. Бундай мусобақаларга турли йилларда Ўзбекистон, Шри-Ланка, Эрон, Афғонистон, Ҳиндистон каби давлатлар мезбонлик қилди. Европа қитъасида ҳам бундай мусобақалар 1999 йилдан бери ўтказилади. Унга Белорус, Туркия, Греция каби давлатлар мезбонлик қилди. Худди шунингдек, қитъа чемпионати Океанияда ҳам ўтказилди. Америка қитъаси чемпионати Боливия, Бразилия, Доминикан каби давлатларда бўлиб ўтди. 2000 йилдан бошлаб ҳар йили Лондон ва Париж шаҳарларида ҳамда Олимпиада ватани Грецияда Ўзбекистон Президенти Халқаро турнирлари ўтказилди. 

ЙЎЛ ЮКИНИ КАРВОН БИЛАР

Ўзбек курашининг шонли, зафарли, шу билан бирга машаққатли йўлида Комил Юсупов соғлиғини ҳам аямади. Бошидан ўтказган қийинчиликлар, қарама-қаршиликлар, зиддиятлар ўз ишини қилди: полвоннинг юраги дош бермади. Минг шукурки, Ҳиндистон давлати раҳбарлари, Ўзбек кураши фидойилари ва қўли енгил врачлар замонавий Ўзбек кураши асосчисининг ҳаётини сақлаб қолишга катта ёрдам бердилар. 2013 йилнинг охирида Комил Юсупов IKA раҳбарлигидан истеъ фога чиқишга мажбур бўлди. У аввал Ҳиндистонда, кейин ўз юртимизда анча вақт даволанди. Бугун унинг саломатлиги тикланмокда. Комил Юсупов кейинги йилларда дунё бўйича ҳам, Ватанимизда ҳам Ўзбек кураши бўйича тадбирлар кескин камайиб кетаётганини кўриб, врачлар ишлашни таъқиқлаган бўлишига қарамай, яна Курашга қайтишга аҳд қилди. Кураш бўйича барча ишлар, Халқаро турнирлар ҳам, мусобақалар ҳам, тадбирлар ҳам аста-секин ўз ўрнига қайта бошлади. Ўзбек курашига бўлган янги эътибор унинг кучига куч, шижоатига шижоат қўшди.

ўкф

ЎЗБЕК КУРАШИГА ЯНГИ НАЗАР, ЯНГИЧА ЭЪТИБОР

Ўзбек кураши Ўзбекистонни дунёга танитганини яхши билган, ўзи ҳам бу курашни яхши кўрган, Жиззах вилоятида ҳоким бўлиб ишлаганида дунёда биринчи бўлиб Ўзбек кураши мактабини очган, бош вазир бўлиб ишлаган кезларида ҳам кураш бўйича ўтказилган тадбирлар, мусобақаларни ўтказишга бош-қош бўлган Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайлангач, Ўзбек курашига алоҳида эътибор қаратди. 2017 йилнинг 2-октябрида эса, Ўзбек курашини янада ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисидаги Президент қарорини эълон қилди. Қарорда Ўзбек кураши асрлар давомида мардлик, бағрикенглик, олижаноблик ва ҳалолликнинг тимсоли сифатида эъзозланиб келингани, у ўзбек халқининг тарихий мероси экани эътироф этилиб, бугунги кунда “кураш”, “ҳалол”, “таъзим”, “тўхта” ва “ёнбош” каби атамалар халқаро спорт луғати таркибидан мустаҳкам ўрин эгаллагани, 1998 йил 6 сентябрда таъсис этилган Кураш халқаро ассоциацияси бугун сайёрамизнинг бешта қитъасидаги 129 та миллий федерацияни бирлаштиргани айтилди. Ўзбек кураши тарихда илк бор XVIII ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилгани, IKA ва Ўзбекистон Республикаси келгусида Олимпия ўйинлари дастурига ҳам киритиш бўйича фаол тадбирларни амалга ошираётгани айтилди. Шу билан бирга курашни янада ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган камчиликлар ҳам кўрсатилди. Қарорда қуйидаги тарихий вазифалар белгилаб берилди: 

 1. 6 сентябрь –Кураш миллий спорт тури куни сифатида белгилансин; 

 2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Нукус шаҳри ва вилоят марказларида Ўзбек кураши марказлари, ҳар бир туман (шаҳар)да замонавий спорт клублари ва секцияларини ташкил этиш;кураш бўйича республика, халқаро мусобақа ва турнирларни доимий асосда ташкил этиш ва ўтказиш; кураш бўйича республика, халқаро мусобақа ва турнирлар иштирокчиларининг автоматлаштирилган маълумотлар базасини жорий этиш; кураш йўналиши бўйича олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул квоталарини ошириш; мазкур спорт тури билан шуғулланиш учун жаҳон стандартларига жавоб берадиган “яктак” спорт кийимлари ва “кураш гиламлари”ни ишлаб чиқаришни ташкил этиш; курашни реклама кампанияларини ўтказиш ва ижтимоий роликларни намойиш этиш орқали оммалаштириш бўйича медиа-режа ишлаб чиқиш ишларини назарда тутувчи Кураш миллий спорт турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин; 

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Кураш миллий спорт турини “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт ўйинлари дастурига ўрнатилган тартибда киритилишини таъминласин. Бундан ташқари Президент қарорида Ўзбекистон кураш федерацияси ва унинг бўлинмалари фаолиятини мунтазам қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, Кураш миллий спорт тури маркази биносини реконструкция қилиш ва моддий-техник жиҳозлаш учун ҳомийлик маблағларини жалб этиш, спортчилар ва мураббийларга топшириладиган пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғалар кўринишидаги даромадлар даромад солиғидан озод қилиниши таъкидланди. Тегишли вазирликларга Ўзбек кураши бўйича ўтадиган Халқаро мусобақалар ва турнирларни ўтказишда ёрдам бериш вазифаси юклатилди. Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига спорт мусобақалари ва турнирларини оммавий ахборот воситаларида мунтазам ва кенг ёритиш орқали курашни оммалаштиришга кўмаклашиш тавсия этилди. Қарорда кураш бўйича Осиё ўйинлари, Осиё ва жаҳон чемпионатлари, шунингдек, Ўзбекистон биринчилиги ғолибларини олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш масаласи ҳам қўйилди-ки, бу ёшлар ўртасида Ўзбек кураши билан оммавий тарзда шуғулланиш рағбатини уйғотди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида эътибори туфайли Ўзбек кураши янги босқичга кўтарилди ва маълум сабабларга кўра бироз муддат тўхтаб қолган барча мусобақалар, Халқаро турнирлар яна мунтазам равишда ўтказила бошланди. Термиз шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун Ҳаким ат-Термизий хотирасига бағишланган анъанавий ХIII халқаро турнирга яна 50 дан ортиқ мамлакатдан полвонлар ташриф буюришди. Энди узилишлар бўлмаслиги, Халқаро кураш турнирлари мунтазам ўтказилиши айтилганда халқ байрам қилди, олқишлади. Ўзбек кураши бўйича яна ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон биринчиликлари ўтказилмоқда, Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўрилмоқда. Куни кеча яна бир қувончли хабар олдик: Осий Олимпия Қўмитаси президенти Шайх Аҳмад ас Сабаҳ IKA президентига мактуб йўллаб, Хитойда ўтадиган XIX Осиё Ўйинларида Ўзбек кураши бўйича ҳам мусобақалар ўтказилишини расман маълум қилди. Умид қиламиз-ки, Ўзбек кураши яқин орада Олимпиада ўйинлари қаторига ҳам киради. 

ўкф

ҚАҲРАМОН КИМ? 

Қаҳрамонлик нима ўзи? Менимча, қаҳрамонлик – бошқалар журъат эта олмайдиган ишни бажаришда фавқулодда катта бир жасорат кўрсатиш. Бу йўлда ҳеч нарсадан қўрқмаслик. Қаҳрамон – бошқаларга эплаш имконсиз ёки ўта қийин бўлган ишни уддалаган киши. Қаҳрамон – халқи, миллати, Ватани учун мислсиз катта хизмат кўрсатган киши. Менинг назаримда, чорак аср муқаддам фақат ўзбекнинг тўйларидагина ўйналган курашни дунё тан олган спорт тури сифатида жаҳон майдонига олиб чиққан, Ўзбек курашини бутун дунё полвонлари шуғулланадиган спорт тури даражасига олиб чиққан, “Ҳалол”, “Ёнбош”, “Чала” деган ўзбек сўзларини бутун дунёда жаранглаётганига, Осиё ўйинларида Ўзбек номининг абадий муҳрланишига сабабчи бўлган катта ташкилотчи, енгилмас полвон, том маънода айтсак буюк жангчи – Комил Юсупов ҳақиқий қаҳрамон! 

Каримберди ТЎРАМУРОД, журналист uza.uz

ўзбек кураши



ўкф

kurash 24