У́КФ

Янгиликлар

Бугун Ўзбекистон Кураш федерацияси раиси Ниғматилла Йўлдошевнинг Халқаро кураш ассоциацияси президенти Ҳайдар Фармон билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов ҳамда МОҚ бош котиби Ойбек Касимовлар ҳам иштирок этди.
Учрашувда буюк аждодларимиздан мерос қолган кураш спортининг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, ўзбек спорти бренди номи билан курашнинг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, курашни мамлакат ва халқаро миқёсда янада ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, келгусида курашнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада ошириб, Халқаро кураш ассоциациясининг Халқаро «GAISF — Global Association of International Sports Federations» ташкилотига аъзо бўлишига эришиш бўйича саъй-ҳаракатларни янада кучайтиришга келишиб олинди.
Тадбирда курашни халқаро майдонда ривожлантириш орқали Ўзбекистоннинг жаҳон спорт майдонидаги имиджини юксалтириш, миллий спортимизни ёзги Олимпия ўйинлари дастурига киритиш барчамиз учун долзарб вазифа эканлиги таъкидланди.
Самимий руҳда ўтган учрашувда ўзбек миллий курашини янада ривожлантириш борасидаги вазифаларни амалга оширишда яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.